Худо азалда осмон билан ерни яратди — бу оят яратилиш ҳикоясининг кириш қисмидир. Ушбу бобнинг 3-31–оятларида баён этилган Худонинг олти кун давомидаги яратиш фаолияти бу оятда қисқача ўз ифодасини топган. Ибронийчадаги осмон билан ер жумласи бутун дунёни ва ундаги барча борлиқни билдиради.
Ер шаклсиз ва бўм–бўш бўлиб…Худонинг Руҳи сувлар узра юрарди — Худо шу бобнинг 3–оятида гапиришни бошлаганда, дунёнинг аҳволи қандайлиги мана шу оятда тасвирланган. Мазкур бобнинг 3-31–оятларида Худо борлиқни тартибга солганлиги ва дунёга ҳаёт берганлиги ҳақида сўз юритилади.
Кеч кириб, тонг отди — қоронғилик (тун) ва ёруғлик (кундуз) вақтига ишора қилувчи шеърий жумла. Қадимда Исроил халқининг урф–одатига кўра, янги кун қуёш ботгандан кейин бошланиб, кейинги куни қуёш ботгунча давом этар эди. Бу жумла яна шу бобнинг 8, 13, 19, 23 ва 31–оятларида ишлатилган.
…гумбазни яратиб, гумбазнинг остидаги сувлардан гумбаз устидаги сувларни ажратди — қадимда Исроил халқининг тасаввурига кўра, осмон улкан шиша гумбазга ўхшар эди, бу гумбаз осмондаги сувларни ушлаб турарди. Гумбаз остидаги сувлар бу оятда ер сатҳини қоплаб турган буюк денгиз сувларини билдиради (шу бобнинг 2–оятига қаранг).
нишонланадиган байрамларибронийча матнда белгиланган вақтлар. Деҳқончилик мавсумларига оид байрамларга ишора. Бу ибронийча иборани белгиланган фасллар деб таржима қилса ҳам бўлади.
судралиб юрувчи жониворлар — шу ибора билан таржима қилинган ибронийча сўз ерда судралиб юрадиган ва ер остига уя қуриб яшайдиган майда жониворларни, судралиб юрувчиларни ва ҳашаротларни билдиради.
Энди инсон зотини яратайлик, улар Ўз суратимиздай, Ўзимизга ўхшаган бўлсин — Худо одамни Ўз суратидай, Ўзига ўхшаш қилиб яратган. У яратган бошқа нарсаларга қараганда, одам яққол ажралиб туради. Инсон зотининг яратилиши яратилиш ҳикоясининг чўққиси ҳисобланади.
…ер юзидаги чорва ҳамда жамики ёввойи ҳайвонлар… — қадимий сурёнийча таржимадан. Ибронийча матнда …чорва, бутун ер юзи….
John.1.1
Matt.19.4; Mark.10.6
Мундарижа
Луғат

Кириш

Ибтидо китоби Тавротнинг биринчи китобидир. Мазкур китобда оламнинг яратилиши, инсон зотининг пайдо бўлиши, Исроил халқининг келиб чиқиши тўғрисида сўз юритилади. Бутун борлиқни, ер юзидаги жамики халқлару шоҳликларни, инсоният тарихини ягона Худо бошқаришига китобда алоҳида урғу берилади.
Ибтидо китобининг биринчи қисмида (1-11–боблар) олам ва инсониятнинг Иброҳим пайғамбаргача бўлган даври ҳикоя қилинади. Худо ҳамма нарсани жуда ажойиб қилиб яратган эди, лекин илк яратилган икки инсон — Одам Ато билан Момо Ҳаво Худога итоат этмадилар. Уларнинг итоатсизлиги туфайли дунёга гуноҳ кириб келди. Инсонлар шу қадар гуноҳга ботиб кетдиларки, Нуҳ пайғамбардан ва унинг оиласидан ташқари, жамики инсониятни қириб ташлаш учун Худо ер юзига тўфон юборишга қарор қилди. Нуҳ ва унинг оиласи Худога итоат этарди, шунинг учун Худо Нуҳга: “Ўзингни, оилангни, ҳайвонлар ва қушларнинг ҳар бир турини сақлаб қолиш учун катта кема яса”, деб амр этди. Тўфондан кейин одамзод яна ер юзи бўйлаб ёйилди. Лекин уларнинг кўпчилиги яна Худога итоат этмай қўйди.
Ибтидо китобининг қолган қисми (12-50–боблар) Иброҳим ва унинг хонадони тарихига оид воқеаларни қамраб олади. Худо Иброҳим хонадонини, Ўзимнинг халқим қиламан, деб танлаб олади. Иброҳим ва унинг хотини Сора бефарзанд эдилар, лекин Худо уларга фарзанд ваъда қилиб, ўша фарзанд орқали жамики халқларга барака беришини айтади.
Худонинг амри билан Иброҳим ва Сора ўзларининг она юртини тарк этиб, Канъон юртига кўчиб борадилар. Худо бу юртни уларнинг наслига беришни ваъда қилган эди. Иброҳим билан Сора анча кексайиб қолганларида, Худо Ўз ваъдасини бажариб, уларга ўғил ато этади, улар ўғлининг исмини Исҳоқ қўядилар. Исҳоқ икки ўғил кўради, ўғилларига Ёқуб ва Эсов деб исм қўяди. Ёқуб ўн икки ўғил кўради. Улар Исроилнинг ўн икки қабиласига асос соладилар.
Китобнинг охирида Ёқубнинг ўғли Юсуф ҳақида ҳикоя қилинади. Юсуфнинг ака–укалари уни Исмоилий савдогарларга қул қилиб сотиб юборишади. Лекин вақти келиб, Юсуф Миср ҳокими бўлади. Шу орқали у қаҳатчилик даврида Миср халқини ва отаси Ёқубнинг бутун хонадонини қутқариб қолади. Мазкур китобнинг моҳияти шундан иборатки, Худо инсоният тақдирини бошқаради, юз бераётган ҳамма ҳодисаларни назорат қилади, ҳатто инсоннинг ёмон ниятию қабиҳ ишларини Ўзининг эзгу режасини амалга ошириш учун ишлатади. Миср юртида Юсуф ака–укаларига шундай дейди: “Сизлар менга раво кўрган ёмонликни Худо яхшиликка ишлатди. Сон–саноқсиз одамларни сақлаб қолиш учун У мени шу ерга олиб келди.” (Ибтидо 50:20)


Муқаддас Китоб
http://ibt.org.ru/muqaddas-kitob
Муқаддас Китоб (2016) Замонавий ўзбек тилидаги таржима, изоҳлар ва қўшимча маълумотлар илова қилинган. Мазкур нашр Муқаддас Китобни таржима қилиш институти томонидан Ўзбекистон Библия жамияти билан ҳамкорликда тайёрланган

ISBN 978-5-93943-213-9

© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016



Creative Commons: by-nd: © Институт перевода Библии; Информацию о лицензии этого издания можно найти здесь: https://wiki.creativecommons.org/images/d/d4/Attribution_3.0_%D0%A1%D0%A1_BY-ND_rus.pdf

Муқаддас Китобни таржима қилиш институти
Институт перевода Библии, 101000 Москва, Главпочтамт, а/я 360
ibt_inform@ibt.org.ru
Орқага
Ёпиш
:

Дунё яратилишининг тарихи

1 Худо азалда осмон билан ерни яратди.
2 Ер шаклсиз ва бўм–бўш бўлиб, тубсиз денгизлар устини зулмат қоплаган эди. Худонинг Руҳи сувлар узра юрарди.
3 Худо: “Ёруғлик бўлсин”, деб амр берган эди, ёруғлик пайдо бўлди.
4 Худо ёруғликнинг ажойиб эканини кўриб, ёруғликни қоронғиликдан ажратди.5 Худо ёруғликни кундуз, қоронғиликни тун деб атади. Кеч кириб, тонг отди. Биринчи кун ўтди.
6 Сўнг Худо: “Сувларни бир–биридан ажратиб турадиган гумбаз пайдо бўлсин”, деб амр қилди.
7 Шундай ҳам бўлди: Худо гумбазни яратиб, гумбазнинг остидаги сувлардан гумбаз устидаги сувларни ажратди.8 Худо гумбазга осмон деб ном берди. Кеч кириб, тонг отди. Иккинчи кун ўтди.
9 Кейин Худо: “Осмон остидаги сувлар бир жойга тўпланиб, қуруқ ер пайдо бўлсин”, деб амр қилди. Шундай ҳам бўлди.
10 Худо қуруқликка ер деб ном берди. Бир жойга йиғилган сувларни эса денгизлар деб атади. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди.
11 Сўнгра Худо шундай амр берди: “Ерда ўт–ўлан кўкарсин. Дон берадиган ҳар хил ўсимликлар, данаги бор ҳар хил мевали дарахтлар ўссин.” Шундай ҳам бўлди.
12 Ерда ўт–ўлан кўкарди, дон берадиган ҳар хил ўсимликлар, данаги бор ҳар хил мевали дарахтлар ўсди. Худо буларнинг ҳам ажойиб эканини кўрди.13 Кеч кириб, тонг отди. Учинчи кун ўтди.
14 Кейин Худо шундай амр қилди: “Кундузни тундан ажратиш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин. Булар кунларнинг, йилларнинг, нишонланадиган байрамларнинг вақтини кўрсатсин.
15 Бу ёритқичлар осмон гумбазида нур сочиб, ерга ёруғлик берсин.” Шундай ҳам бўлди.16 Худо иккита катта ёритқични — қуёш ва ойни яратди: кундузи нур сочиб туриши учун каттароқ ёритқич — қуёшни, тунда нур сочиб туриши учун кичикроғи — ойни яратди. Шунингдек, Худо юлдузларни ҳам яратди.17-18 Бу ёритқичлар ерга ёруғлик берсин, кундуз ва тун устидан ҳукмронлик қилсин, ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин деб, Худо буларни осмон гумбазига жойлаштирди. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди.19 Кеч кириб, тонг отди. Тўртинчи кун ўтди.
20 Кейин Худо шундай амр берди: “Сув ҳар хил тирик жониворлар билан тўлиб–тошсин, қушлар пайдо бўлиб, ҳавода парвоз қилсин.”
21 Шундай қилиб, Худо баҳайбат денгиз махлуқларини ва сувда сузувчи турли–туман жониворларни, ҳар турли қушларни яратди. Худо бунинг ҳам ажойиб эканини кўрди.22 Шунда Худо буларнинг ҳаммасига марҳамат қилиб деди: “Балиқлар ва қушлар серпушт бўлиб, кўпайсин. Денгизлар балиқлар билан тўлиб–тошсин, ер узра қушлар кўпайсин.”23 Кеч кириб, тонг отди. Бешинчи кун ўтди.
24 Сўнгра Худо: “Ер турли–туман жонзотларни — чорвани, судралиб юрувчи жониворларни, ҳар турли ёввойи ҳайвонларни пайдо қилсин”, деб амр берди. Шундай ҳам бўлди.
25 Худо ҳар турли ёввойи ҳайвонларни, чорванинг ҳар хил турларини, ер юзида судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳашаротларнинг ҳар хил турларини яратди. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди.
26 Кейин Худо шундай деди: “Энди инсон зотини яратайлик, улар Ўз суратимиздай, Ўзимизга ўхшаган бўлсин. Инсон зоти денгиздаги балиқлар устидан, осмондаги қушлар, ер юзидаги чорва ҳамда жамики ёввойи ҳайвонлар, ерда судралиб юрувчи ҳар қандай жонивор ва ҳашаротлар устидан ҳукмронлик қилсин.”
27 Шундай қилиб,
Худо Ўз суратидай қилиб яратди инсон зотини,
Эркагу аёл қилиб яратди уларни.
28 Худо инсонларга марҳамат қилиб, айтди: “Ували–жували бўлинглар, ер юзини тўлдириб, итоат эттиринглар, денгиздаги балиқлар устидан, осмондаги қушлару ер юзида яшовчи ҳар турли жониворлар устидан ҳукмронлик қилинглар.”
29 Худо яна айтди: “Мана, сизларга бутун ер юзидаги ҳар хил донли ўсимликларни ва мевали дарахтларни бердим. Сизлар булардан егулик учун фойдаланасизлар.30 Ер юзидаги жамики тирик жонзотга — ҳамма ҳайвонларга, ҳамма қушларга емиш қилиб кўк ўт–ўланни бердим.” Шундай ҳам бўлди.31 Худо Ўзи яратган ҳамма нарсага назар солди. Булар жуда ажойиб эди. Кеч кириб, тонг отди. Олтинчи кун ўтди.